Ҳиндистон Яқин Шарқдаги геосиёсий вазият кескинлашган бир пайтда Эрон нефтини харид қилишни яна йўлга қўйди. Бу ҳақда 4 апрель куни Ҳиндистон Нефть ва табиий газ вазирлиги X ижтимоий тармоғида маълум қилди.
Эрондан Ҳиндистонга нефть етказиб бериш 2019 йилда АҚШ санкциялари сабаб тўхтатилган эди. Reuters хабарига кўра, шу вақтдан буён Ҳиндистон Эрон нефтини импорт қилмаган.
Вазирликка кўра, янги келишув доирасида тўловлар билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо юзага келмаган.
Баёнотда қайд этилишича, Яқин Шарқдаги таъминотдаги узилишлар фонида Ҳиндистон нефтни қайта ишлаш корхоналари ўзларини етарли миқдордаги хом ашё билан таъминлашга эришган, жумладан Эрон ҳисобига ҳам.
Bloomberg Kpler таҳлилий компанияси маълумотларига таяниб, 4 апрель куни Ҳиндистоннинг Вадинар портига йўл олган Эрон нефти ортилган Ping Shun танкери тўлов билан боғлиқ муаммолар сабаб йўналишини Хитойга ўзгартиргани ҳақида хабар берган эди.






