Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бош мутахассиси пора олаётган вақтида ушланди. У кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи МЧЖ раҳбаридан 1500 АҚШ долларини олаётган пайтда қўлга тушган.
Маълум қилинишича, гумонланувчи Юнусобод туманидаги 6 та уйга хизмат кўрсатишни бир МЧЖдан бошқасига ўтказиб бериш учун жами 2200 доллар талаб қилган. Ушбу жараённи “Менинг уйим” платформаси орқали расмийлаштириб беришни ваъда қилган.
Қўлга олиш чоғида у қочишга уринган, бироқ тезкор ходимлар томонидан ушлаб қолинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






