Маълум қилинишича, 2025 йил ноябрь-декабрь ойлари ҳамда 2026 йил январь ойида айрим пропан импорт қилувчи субъектлар томонидан биржа савдоларида бошланғич нархларни асоссиз ошириш ва маҳсулот ҳажмини сунъий равишда камайтириш ҳолатлари аниқланган. Бу эса бозорда нархларнинг кескин ошишига олиб келган.
Қўмита томонидан кўрилган тезкор чоралар натижасида пропан нархи 21 фоизгача арзонлаштирилди.
Назорат тадбирлари якунида жами 31 та хўжалик юритувчи субъект томонидан рақобат тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилгани эътироф этилди. Шулардан 12 таси биржа савдоларида рақобатга зид мувофиқлаштирилган ҳаракатларни амалга оширгани аниқланган. Қолган ҳолатларда эса нархларни асоссиз ошириш ва маҳсулотни қонунга зид равишда тўғридан-тўғри шартномалар орқали сотиш ҳолатлари қайд этилган.
Ушбу ҳолатлар юзасидан Махсус комиссия томонидан жами 28,9 млрд сўм миқдорида молиявий жарима қўллаш, шунингдек, асоссиз олинган 34,1 млрд сўм маблағни давлат бюджетига қайтариш бўйича қарор қабул қилинган.
Шу билан бирга, компанияларга қонунбузилишларни бартараф этиш ва бундай ҳолатларни такрорламаслик бўйича мажбурий кўрсатмалар берилди.
Эслатиб ўтилади, мазкур қарордан норози томон Қўмита Апелляция кенгашига ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.






