“Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар ва Божхона органлари ҳамкорлигида бир қатор ҳудудларда гиёҳвандлик воситалари ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши операциялар ўтказилди.
Хоразм вилояти Урганч шаҳрида 1983 йилда туғилган шахс ушланиб, унинг ёнидан 5 грамм опий топилди. Шунингдек, у ижарага олган хонадондан 887 грамм опий ва 71 грамм героин ашёвий далил сифатида олинди. Маълумотларга кўра, моддалар қўшни давлатдан олиб келиниб, сотиш орқали даромад топиш режалаштирилган.
Фарғона вилояти Фарғона туманида яшовчи 1991 йилда туғилган фуқаронинг хонадондан Қирғиз Республикасидан айланма йўллар орқали олиб келинган, умумий қиймати 140 млн сўмга тенг 2800 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситалари мусодара қилинди.
Тошкент вилоятида эса 1996 йилда туғилган шахс ва 1994 йилда туғилган Қозоғистон фуқароси контрабанда йўли билан олиб келинган 300 мл “Тропикамид”ни сотиш вақтида ушланди. Уларнинг ёнидан “Прегабалин” капсулалари ва “Тропикамид” флаконлари ҳам олинган.
Ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






