Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва ноқонуний дори айланмасини чеклашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Паркент туманидаги фармацевтика корхонасида текширувда 55 840 дона “Меновазин”, 25 000 дона “Водород пероксиди”, 50 800 дона “Этил спирти” ва 28,27 млн дона ёрлиқ-этикеткалар яроқлилик муддати тугаган ҳолда сақланаётгани аниқланди. Улар 2025–2026 йилда ишлаб чиқарилган деган маълумот билан қайта қадоқлаб, сотувга чиқарилиши режалаштирилган.
Шунингдек, пойтахтда тўхтатилган Фарғона шаҳри фуқаросининг қўл юкларида Ўзбекистонга олиб кирилиши тақиқланган 6 597 дона дори воситалари, қиймати тахминий 763 млн сўм борлиги аниқланди. Унинг хонадонида 107 дона дори воситалари ҳам топилди.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича экспертиза ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Аҳолига фақат расмий дорихоналардан дори харид қилиш ва сифатга эътибор қаратиш тавсия қилинади. Ноқонуний ҳолатларни ДХХнинг 1520 қисқа рақамига хабар бериш мумкин.






