Маълум қилинишича, Янги Тошкентни барпо этишнинг биринчи босқичида 6 минг гектар майдонда қурилиш ишлари олиб борилиши режалаштирилган. Ушбу босқич якунида 600 минг аҳоли учун замонавий инфратузилма яратилади. Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгандан сўнг эса шаҳар 2 миллион нафар аҳоли яшайдиган йирик мегаполисга айланиши кутилмоқда.
Майдони 32 гектар бўлган “Буюк Ипак йўли” мажмуаси Янги Тошкентнинг асосий жамоат ва маданий ҳудудларидан бирига айланиши кўзда тутилган. У ерда турар жойлар, тижорат объектлари, меҳмонхоналар, маданият ва таълим марказлари барпо этилади.
Концепцияга кўра, мажмуа ҳудудида Буюк Ипак йўли билан боғлиқ турли цивилизацияларга бағишланган мавзули маҳаллалар ташкил этилади. Ҳар бир ҳудуд Ипак йўли бўйлаб жойлашган мамлакатлар маданиятини ифодалайди.
Тақдимотда Ўзбекистон маҳалласига алоҳида урғу берилди. Унда ҳар бир бино ва жамоат макони орқали халқ тарихи, миллий қадриятлар ва маданий меросни акс эттириш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, қатор музейларни реновация қилиш режалари ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, Имом Мотуридий зиёратгоҳида музей ташкил этиш, унда аллома ҳаёти ва таълимотига бағишланган заллар жойлаштириш режалаштирилган.
Бундан ташқари, Баҳоуддин Нақшбанд илмий-инновацион музейи фаолиятини кенгайтириш, “Етти пир” залида улуғ алломалар меросини замонавий усулларда ёритиш таклиф этилди.
Шу билан бирга, Темурийлар тарихи давлат музейини замонавий музейшунослик ва дизайн асосида қайта таъмирлаш режаси ҳам тақдим қилинди. Унда экспозициялар янгиланиб, ташриф буюрувчилар учун интерактив ва визуал жиҳатдан бой муҳит яратиш кўзда тутилган.
Қайд этилишича, мазкур лойиҳалар миллий тарихни чуқур ёритиш, маданий инфратузилмани ривожлантириш ва Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Тақдим этилган таклифлар давлат раҳбари томонидан маъқулланиб, уларни амалга ошириш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.






