АсосийЖамият

Электр ва газ тизимида коррупция: икки ҳудудда ходимлар ушланди

Улар пул эвазига ҳужжатларни расмийлаштириш ва қарздорликни “ёпиб бериш”ни ваъда қилган.

'Электр ва газ тизимида коррупция: икки ҳудудда ходимлар ушланди'ning rasmi

Наманган ва Сурхондарё вилоятларида электр ҳамда газ таъминоти соҳаси ходимларининг коррупцион ҳаракатлари тезкор тадбирлар давомида фош этилди. Улар пул эвазига ҳужжатларни расмийлаштириш ва қарздорликни “ёпиб бериш”ни ваъда қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тадбирларда Наманган вилояти Косонсой тумани электр тармоқлари корхонасининг икки нафар муҳандиси тадбиркорга тегишли МЧЖ биносига ўрнатилган 50 кВт қувватли қуёш панели учун техник шарт ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 17 млн сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Сурхондарё вилоятида эса “Узунтумангаз” бўлими ходими фуқарога тегишли газ ҳисоблагич носозлиги туфайли юзага келган 23 млн сўм қарздорликни бартараф этиб бериш ва далолатнома расмийлаштирмаслик эвазига 5 млн сўмни учинчи шахс орқали олган вақтида қўлга олинди. Тергов давомида ушбу ишга унинг яна бир ҳамкасби ҳам алоқадор экани аниқланган.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар