Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Яшнобод тумани ҳокимлигига алоқадор икки мансабдор шахс пора олаётганда қўлга олинди.
Маълум қилинишича, Яшнобод тумани ҳокимининг тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича маҳалла фуқаролар йиғинларидан биридаги ёрдамчиси ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда фуқародан 5 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Терговга қадар текширувда аниқланишича, у тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган фуқаронинг кўп қаватли уйнинг биринчи қаватида жойлашган турар жой хонадонини нотурар жой тоифасига ўтказиш учун юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали рухсат олиб бериш ва ҳужжатларни расмийлаштиришда кўмаклашишни ваъда қилган.
Шунингдек, мазкур масалани ҳал қилишда Яшнобод туман ҳокимияти бўлинма раҳбари ҳам иштирок этгани маълум бўлган. Тезкор тадбир давомида ушбу мансабдор шахс 600 АҚШ долларини олган вақтида қўлга олинган.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168 ва 28, 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, уларга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






