Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, “электрон рецепт” тизими бекор қилиниши ҳақидаги хабарлар нотўғри талқин қилинган. Амалдаги ҳужжатларга кўра, аксинча, ушбу тизимни босқичма-босқич кенгайтириш режалаштирилган.
Хусусан, 2025 йил 15 декабрдаги буйруққа мувофиқ, электрон рецепт асосида бериладиган дори воситалари рўйхати босқичма-босқич шакллантирилади. Биринчи босқичда антибиотиклар, синтетик антибактериал ва гормонал препаратлар учун электрон рецепт мажбурий этиб белгиланган.
Янги буйруқ лойиҳасида эса Тошкент шаҳри ва тажриба-синов ўтказилаётган 15 та ҳудуддаги барча тиббиёт муассасалари ҳамда дорихоналарни тўлиқ электрон рецепт тизимига ўтказиш кўзда тутилган.
Шу билан бирга, кучли таъсир қилувчи, гиёҳвандлик ёки психотроп моддалар сақловчи айрим дори воситалари ҳамда реимбурсация дастурига оид жараёнлар мазкур тизимдан мустасно бўлиб қолади.






