АсосийЖамият

Петербургда болани қутқарган ўзбекистонлик “Жасорат” медали билан тақдирланди

Шавкат Мирзиёев фармони билан Санкт-Петербургда қулаётган болани ушлаб қолган Хайрулло Ибадуллаев давлат мукофоти билан тақдирланди.

'Петербургда болани қутқарган ўзбекистонлик “Жасорат” медали билан тақдирланди'ning rasmi

Санкт-Петербургнинг Петрозаводская кўчасида етти ёшли бола кўп қаватли уй еттинчи қавати карнизига чиқиб қолиб, бир неча сониядан сўнг пастга қулаб тушган. Шу пайтда уй ёнида ишлаётган ўзбекистонлик Хайрулло Ибадуллаев болани ҳавода ушлаб қолиб, зарбани юмшатган ва шу орқали унинг ҳаётини сақлаб қолган.

Маълум қилинишича, у болани бағрига босиб, подъездга олиб кирган ва тез ёрдам келгунига қадар унга ёрдам кўрсатган. Бола омон қолган, ҳозирда шифокорлар назоратида бўлиб, аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда. Хайрулло Ибадуллаевнинг ўзи ҳам енгил тан жароҳатлари олган.

Ушбу жасорати учун Ўзбекистон Президентининг фармони билан Хайрулло Ибадуллаев “Жасорат” медали билан мукофотланди. Қайд этилишича, у фавқулодда вазиятда ўз ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйиб, юксак мардлик, қаҳрамонлик ва фидойилик фазилатларини намоён этган.

    Бошқа янгиликлар