Инспекция маълумотига кўра, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги боғча ва мактабларда сўнгги икки йилда 17 нафар ходим оғир тан жароҳати олган, яна икки нафар ходим вафот этган.
Таҳлилларга кўра, 2024 йилда 12 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган бўлса, 2025 йилда улар сони 20 тага етган. Инспекция бу ҳолатларни меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилмаётгани, малакали мутахассислар етишмаслиги ва назорат сустлиги билан изоҳлади.
Шунингдек, вазирлик ва тизим ташкилотларига меҳнат хавфсизлиги чораларини қайта кўриб чиқиш, масъул мутахассисларни тайинлаш ва раҳбарлар жавобгарлигини кучайтириш бўйича топшириқлар берилди. Қонун талабларига амал қилмаслик маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.






