Аввалроқ, Самарқанддаги тергов ҳибсхонасидан туман газ бўлими ходимининг ўлиги чиққани ҳақида хабар берган эдик. Ҳолат юзасидан ИИВ расмий маълумот берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 21 февраль куни соат 17:35ларда Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани 7-сонли Тергов ҳибсхонада сақланаётган, Каттақўрғон тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28, 211-моддаси 1-қисми билан айбланиб қамоққа олинган, 1991 йилда туғилган фуқаро Х.Қ. соғлиги ёмонлашганлиги сабабли Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмасига олиб бориш вақтида, шу куни соат 18:00 ларда вафот этган.
Бирламчи суд-тиббиёт ташхисга кўра, марҳумнинг вафоти “2-тип қандли диабетнинг оғир асоратлари” натижасида юзага келган. Баданида ҳеч қандай жароҳат излари аниқланмаган.
Маълумот ўрнида, 2026 йилнинг 18 февраль куни айбланувчи Х.Қ. касаллиги сабабли Каттақўрғон шаҳар Тиббиёт бирлашмасига олиб чиқилиб, акаси Х.Х.га хабар қилинган ва уларга шифохонада қўшимча равишда учрашув ташкил этилган. Айбланувчи Қ.Х. керакли муолажалардан сўнг 2026 йил 20 февраль куни Каттақўрғон шаҳар Тиббиёт бирлашмаси шифокорларининг хулосасига асосан соғлиғи қониқарли бўлганлиги сабабли ҳибсхонага қайтарилган.
Ҳозирда ҳолат прокуратура органлари томонидан ўрганилмоқда, дейилади хабарда.






