Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги қурилиш бозорида 21 февраль куни ёнғин содир бўлди. ФВВ ҳолат юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, соат 05:09 да туманнинг Қувонч 2-тор кўчасида жойлашган “Изза” қурилиш бозори ҳудудида эшик ром маҳсулотлари ёнаётгани ҳақида хабар келиб тушган.
Маълумотга кўра, қутқарув экипажлари воқеа жойига соат 05:17 да етиб бориб, ёнғинни 05:38 да қуршаб олди ва 06:00 да тўлиқ ўчирди. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар ҳақида хабар келиб тушмаган.
Ҳозирда ёнғин сабаби ва етказилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Ёнғинни ўчириш жараёнини назорат қилиш мақсадида Фавқулодда вазиятлар вазири Азиз Икромов воқеа жойига етиб бориб, вазиятни шахсан ўз назоратига олди.






