Бугун, 17 февраль куни Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида жойлашган уйларнинг бирида ёнғин чиқди. Бу ҳақда пойтахт Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, соат 15:47 да Ниёзбек кўчасидаги уйда ёнғин содир бўлгани тўғрисида хабар келиб тушган. Қутқарув бўлинмалари соат 15:54 да ҳодиса жойига етиб борган ва ёнғин 15:59 да қуршаб олиниб, 16:02 да тўлиқ бартараф этилган.
Ҳодиса оқибатида уйнинг тахминан 70 квадрат метр майдондаги том қисми ва ички ҳудуди ёниб зарарланган. Тан жароҳати олганлар йўқ. Айни вақтда ёнғин сабаби ҳамда етказилган зарар миқдори аниқланмоқда.






