Унда тармоқни қўллаб-қувватлаш, озуқа базасини кенгайтириш ва экспорт салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, бугунги кунда ипак қурти уруғининг катта қисми импорт ҳисобига тўғри келмоқда. 2030 йилгача маҳаллий уруғдан фойдаланиш даражасини 75 фоизга етказиш режалаштирилган. Бунинг учун Фарғона ва Хоразмда элита уруғ етиштиришни йўлга қўйиш, шунингдек, Бухоро, Наманган, Тошкент, Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида янги уруғчилик корхоналарини ташкил этиш кўзда тутилган.
2026–2030 йилларда 8 минг гектарда янги тутзорлар барпо этиш, 41,5 минг гектарда якка қатор тут кўчатлари экиш ҳамда 15 минг гектар майдондаги тутзорларни реконструкция қилиш режалаштирилган. Натижада 200 миллион туп тут кўчати экилиб, озуқа базаси 30 фоизга оширилади. 2030 йилга бориб пилла етиштириш ҳажмини 36 минг тоннага етказиш мақсад қилинган.
Соҳада янги бошқарув тизими жорий этилиб, Ўзбекипаксаноат уюшмаси ҳамда ҳудудий тузилмалар фермер ва касаначилар билан узвий ишлайди. Кам даромадли оилаларни пиллачиликка жалб этиш мақсадида 1 килограмм пилла қийматининг 35 фоизи миқдорида субсидия ва 20 миллион сўмгача ссуда ажратиш механизми йўлга қўйилади.
Шунингдек, саноат усулида пилла етиштиришни кенгайтириш, қуртхоналарни қуришни рағбатлантириш ва уларни 2029 йилгача ер ҳамда мол-мулк солиғидан озод этиш таклиф этилди.
Экспортни ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 2030 йилгача умумий қиймати 200 миллион долларлик 21 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш орқали хом ипакни қайта ишлаш даражасини 75 фоизга етказиш ва экспорт тушумларини 250 миллион долларга чиқариш режалаштирилган.
Давлат раҳбари тақдим этилган таклифларни маъқуллаб, озуқа базасини мустаҳкамлаш, маҳаллий уруғчиликни ривожлантириш ва тайёр маҳсулот улушини ошириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.






