15 февраль куни Пхенянда “Саэппёл” номли янги кўча ва турар жойлар мажмуаси расман фойдаланишга топширилди. Очилиш маросимида Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин, унинг қизи Ким Чжу Э ҳамда юқори мартабали расмийлар қатнашди.
Ким Чен Ин нутқида янги кўча мамлакатни ҳимоя қилиш йўлида жонини фидо қилган аскарлар хотирасига ҳурмат рамзи эканини таъкидлади. У мазкур ҳудудни миллат фахри ва келажак авлодлар учун ўрнак бўладиган маскан сифатида таърифлади.
Давлат ахборот агентлиги маълумотига кўра, янги уйлар ҳалок бўлган ҳарбийлар оилалари ҳамда хориждаги ҳарбий операцияларда қатнашган жангчилар учун мўлжалланган. Ҳукумат бу оилаларни қўллаб-қувватлаш ва уларга имтиёзли шароитлар яратишни ваъда қилган.
Очилиш маросимидан сўнг Шимолий Корея етакчиси айрим оилалар уйига кириб, уларнинг ҳолидан хабар олди ва ҳамдардлик билдирди.






