Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси рамазон ойи арафасида ички бозорларда нарх-навонинг барқарорлигини таъминлаш чораларини кучайтиришини маълум қилди. Йирик савдо тармоқлари ҳамда ҳудудлардаги савдо комплексларига ижтимоий муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини назоратда ушлаб туриш бўйича кўрсатмалар юборилган.
Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев 13 февраль куни ўтказилган йиғилишда рамазон ойида деҳқон бозорлари ва йирик савдо комплексларида арзонлаштирилган озиқ-овқат ярмаркаларини ташкил этиш бўйича топшириқ берган эди.
Қўмита етказиб берувчи корхоналар томонидан нархларнинг ўзгартирилиши, логистика харажатлари ва бошқа омиллар юзасидан тезкор маълумот бериб бориш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, етказиб берувчиларни асоссиз нарх ошишига йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантириш топширилган.
Маълум қилинишича, қўмита ўз ваколатлари доирасида ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотлар нархини барқарор сақлаш бўйича зарур чораларни кўради. Туркий давлатлар ташкилоти Фатво ҳайъати қарорига кўра, рамазон ойи 19 февралдан бошланади.






