Даромади яшаш минимумидан паст бўлган чет эл фуқаролари энди патент ололмайди ёки уни узайтиролмайди.
Қонун лойиҳалаштириш фаолияти бўйича Бош комиссия “Россия Федерациясидаги чет эл фуқароларининг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартиришларни маъқуллади. Унга кўра, меҳнат мигрантининг ойлик даромади белгиланган яшаш минимумидан кам бўлса, унга патент берилмайди ёки амалдаги патент муддати узайтирилмайди.
Шу билан бирга, мазкур талаб патентни биринчи марта олаётган шахсларга, шунингдек, жисмоний шахслар қўлида фақат шахсий эҳтиёжлар учун ишлаётган мигрантларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Маълумот учун, Россияда яшаш минимуми федерал ва минтақавий даражада белгиланади ҳамда ҳудудларга қараб фарқланади. 2026-йил учун федерал даражадаги яшаш минимуми аҳоли жон бошига ойига ўртача 18 939 рублни, меҳнатга лаёқатли аҳоли учун 20 644 рублни ташкил этади. Пенсионерлар учун бу кўрсаткич 16 288 рубл, болалар учун эса 18 371 рубл этиб белгиланган.






