Бугун 6 февраль куни Покистон пойтахти Исломободнинг Тарлай ҳудудида жойлашган Imambargah Khadijah al-Kubra масжидида жума намози вақтида портлаш юз берди.
Маҳаллий маъмурият маълумотларига кўра, ҳодиса оқибатида камида 31 киши ҳалок бўлган, 169 нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олган.
Полиция портлаш хусусиятини аниқлаш ишларини олиб бормоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса худкуш террорчи томонидан амалга оширилган бўлиши мумкин. Қурбонлар орасида Исломобод полицияси бошлиғининг қариндоши ҳам бор.
Портлаш жойи тўлиқ ўраб олинган, қутқарув хизматлари ва тиббиёт ходимлари жабрланганларни шифохоналарга етказиш билан шуғулланмоқда. Исломободдаги йирик тиббиёт муассасаларида фавқулодда ҳолат жорий этилган, аҳолидан қон топшириш сўралган.
Покистон раҳбарияти, жумладан Президент Асиф Али Зардорий ва Бош вазир Шаҳбоз Шариф ҳужумни кескин қоралаб, ҳалок бўлганлар яқинларига таъзия билдирган. Улар тинч аҳоли ва ибодат масканларини нишонга олиш инсонпарварликка зид жиноят эканини таъкидлаган.






