Норвегияда собиқ бош вазир, Нобель қўмитасининг собиқ раиси ва Европа Кенгашининг собиқ бош котиби Турбёрн Ягландга нисбатан коррупция гумони билан тергов бошланди. Бу ҳақда мамлакатнинг иқтисодий жиноятларга қарши кураш бўлинмаси — Оэкокрим маълум қилди.
Қайд этилишича, тергов бошланишига яқинда махфийликдан чиқарилган ва Жеффрей Эпштеин иши билан боғлиқ ҳужжатларда келтирилган маълумотлар асос бўлган. Оэкокрим баёнотида айтилишича, ҳужжатлар қамраб олган даврда Ягланд Нобел қўмитаси раиси ҳамда Европа Кенгаши бош котиби лавозимларида фаолият юритган.
Ҳозирча Ягландга нисбатан аниқ айбловлар илгари сурилмаган. Бироқ тергов унинг аввал эгаллаган лавозимлари билан боғлиқ ҳолда совғалар олгани, сафар харажатлари қоплаб берилгани ва қарз маблағлари олингани эҳтимолини қамраб олади. Шунингдек, полиция Ягландга халқаро ташкилот раҳбари сифатида берилган дипломатик иммунитетни бекор қилиш масаласини кўриб чиқмоқда.
Маълумот учун, Турбёрн Ягланд 1996–1997 йилларда Норвегия бош вазири, 2000–2001 йилларда ташқи ишлар вазири бўлган. У 2009–2019 йилларда Европа Кенгаши бош котиби, 2009–2015 йилларда эса Нобел қўмитаси раиси лавозимида ишлаган.
Жеффрей Эпштеин 2008 йилда вояга етмаган шахсни зўрлашда айбдор деб топилган, 2019 йилда эса АҚШда яна қўлга олинган. Ўша йилнинг август ойида у қамоқхонада ўз жонига қасд қилган. Унинг шериги Ghislaine Maxwell эса жинсий эксплуатация мақсадида одам савдосига кўмаклашганлик учун 20 йилга озодликдан маҳрум этилган.






