Ҳар бир ҳисоб рақамига давлат томонидан 500 АҚШ доллари миқдорида маблағ жойлаштирилди.
Президент топшириғи асосида Янги йил муносабати билан ўтказилган “Президент арчаси” тадбири доирасида 0–17 ёшдаги 8 минг нафардан ортиқ етим ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун омонат депозит ҳисоб рақамлари очилди. Ҳар бир ҳисоб рақамига давлат томонидан 500 АҚШ доллари миқдорида маблағ жойлаштирилиб, у йилдан-йилга капитализация ҳисобига ошиб боради.
Мазкур маблағлардан болалар 18 ёшга тўлгач фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлиб, мустақил ҳаётга қадам қўйиш учун муҳим молиявий таянчга эга бўлади.
Шунингдек, 9 ёшдан катта болалар ва уларнинг қонуний вакилларига ижтимоий карталар берилди. Ушбу карталар орқали жамоат транспортидан имтиёзли фойдаланиш, тўловларни амалга ошириш, шахсни тасдиқлаш ҳамда ижтимоий ёрдам ва хизматлардан фойдаланиш мумкин. Барча операцияларни “Барака” мобил иловаси орқали назорат қилиш имкони мавжуд.
Қўллаб-қувватлаш маҳаллаларда яшовчи етим болалар, меҳрибонлик уйлари ва СОС болалар қишлоқлари тарбияланувчилари, шунингдек, ота-оналари Ватан ҳимоясида ҳалок бўлган ҳамда “Таскин” болалар хосписида даволанаётган болаларни қамраб олади. “Таскин” хосписидаги болалар учун депозит маблағларидан заруратга кўра исталган вақтда фойдаланиш имконияти ҳам белгиланган.






