Сўнгги вақтларда сунъий интеллект ёрдамида яратилиб, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган дипфейклар, ёлғон хабарлар ва сохта видеолар сони ортиб бормоқда. Шу жумладан, фирибгарлар таниқли шахсларнинг овози ва қиёфасидан фойдаланиб, таваккалчиликка асосланган ўйинларга фуқароларни жалб қилишга уриняпти.
Қўмита мисол тариқасида сўз устаси Элмурод Хакназаров номидан тайёрланган, “Чикен Road” деб номланган қимор ўйини рекламаси тарқатилгани аниқланганини маълум қилди. Ўрганишларда Хакназаров бу реклама билан алоқаси йўқлигини, АИ ёрдамида унинг овози сохталаштирилганини билдирган ва фуқароларни бундай фирибгарликларга учмасликка чақирган.
Шунингдек, “дили.ме” саҳифаси блогери Д. Назаров ва “абдураҳмонмуфид” саҳифаси блогери А. Абдураҳмонов ҳам қимор ўйинларини реклама қилмаган — тарқатилган видеолар уларнинг иштирокисиз АИ орқали монтаж қилинган сохта контент экани қайд этилди.
Рақобат қўмитаси фуқаролардан машҳурлар қиёфаси ёки овози қўлланган шубҳали рекламалар, айниқса қонунда тақиқланган маҳсулотларга доир контентларга ишонмасликни сўради. Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли маълумотлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган.






