Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабар беришича, 23 ноябрь куни Боткен вилояти, Сулукта шаҳридаги Айдаркан конида ер қатламининг қулаши рўй берган. Қулаш оқибатида тўрт нафар кончи тахминан 110 метр чуқурликда ер остида қолиб кетган.
Қутқарувчилар воқеа жойига етиши билан махсус трубка орқали кончиларга кислород етказилган, шундан кейин вайроналар босқичма-босқич тозалаб борилган. Тоғ-кон қутқарув хизмати ходимлари соат 23:05 да кончиларга етиб бориб, уларни тирик ҳолда ер юзасига олиб чиқишга муваффақ бўлган.
Вазирликка кўра, қутқарув амалиёти давомида ҳеч кимнинг ҳаёти хавф остига қўйилмаган. Ҳолат юзасидан тегишли органлар томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.






