Президент қарори билан туризм соҳасини ривожлантириш ва халқаро брендларни жалб қилишга қаратилган янги имтиёзлар, субсидиялар ва рағбатлантириш механизмлари тасдиқланди. Улар туристлар оқимини кўпайтириш, хизматлар сифатини ошириш ва инвестицияларни рағбатлантиришни кўзда тутади.
2026 йил 1 мартдан эътиборан Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобига туристик стартаплар харажатларининг 50 фоизини, бир миллиард сўмдан ошмаган миқдорда, энг яхши 10 та лойиҳага субсидия сифатида тақдим этиш кўзда тутилмоқда.
Меҳмонхоналарнинг “яшил” сертификатларини олиш харажатларининг ҳам 50 фоизи давлат томонидан қопланади.
Шу билан бирга, МИСЕ тадбирлари орқали камида 100 нафар чет эллик меҳмонни жалб қилган тадбиркорлар учун ҚҚСнинг 50 фоизи қайтарилади.
2027 йилдан эътиборан туризм субъектлари импорт қилган автобус, электробус ва микроавтобуслар божхона божидан озод этилади, Қорақалпоғистонда экстремал туризм транспортлари учун бож ва утилизация йиғими 25 фоизда бўлиб тўланиши мумкин.
2030 йилгача “Brand Finanse” рейтингидаги энг нуфузли 50 та глобал бренддан бири иштирокида меҳмонхона қурилаётган тадбиркорлар учун ускуна ва техника импортида божхона тўловлари тўлиқ бекор қилинади. Шунингдек, Туризм қўмитаси хорижий кино компанияларига харажатларининг бир қисмини қайтариш (Ребате) тизими бўйича масъул орган этиб белгиланди.
Қарор туристик инвестициялар, янги хизмат турлари ва мамлакатнинг глобал туризм бозоридаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.






