Вазирлар Маҳкамасининг 17 апрелда қабул қилинган 180-сон қарори билан «Тураржой хонадонини маиший газ баллонлари билан таъминлашда давлат хизматини кўрсатиш»нинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Унга кўра, давлат хизмати Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП (my.gov.uz) портали орқали ваколатли оператор томонидан амалга оширилади. Маиший газ баллонлари табиий газ тармоғига уланмаган ҳудудларда яшовчи жисмоний шахсларга берилади.
Ваколатли оператор ариза келиб тушган куниёқ маълумотларни «E-gaz» тизимида шакллантиради ҳамда 1 иш куни ичида аризада кўрсатилган маълумотларни текширади. 3 иш куни ичида эса ариза берувчининг манзилига чиқиб, ҳолат жойида ўрганилади ва далолатнома расмийлаштирилади.
Агар далолатнома ижобий хулоса билан якунланса, ариза берувчи билан «Маиший газ баллонни вақтинча фойдаланишга бериш тўғрисида» ҳамда «Суюлтирилган углеводород газини етказиб бериш тўғрисида»ги шартномалар икки нусхада тузилади.
Шартномалар асосида ариза берувчи «Face ID» тизими орқали тегишли ҳисобварақ билан таъминланади. Шундан сўнг, 1 дона маиший газ баллони 12 иш куни ичида бепул етказиб берилади.






