Давлат хавфсизлик хизматининг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Миллий гвардия ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Бухоро шаҳрида яшовчи 1998 йилда туғилган шахс ва Бухоро туманида истиқомат қилувчи 1984 йилда туғилган фуқаро ушланди.
Улар ўзаро тил бириктириб, мамлакат ҳудудида эркин муомалага чиқарилиши тақиқланган уч дона флаконда бўлган, жами 343 грамм симобни 35 минг долларга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан уларга нисбатан Жиноят кодексининг 185-1-моддаси 2-қисми “б” ва “в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Расмийларга кўра, симоб ва уни ўз ичига олган бирикмаларни сотиш, сотиб олиш ёки маиший шароитда қўллаш қатъиян тақиқланади. У кучли заҳарлилик даражасига эга бўлгани боис, мамлакат ҳудудида эркин муомала ҳам ман этилган.






