Қурилиш вазирлиги Коррупсияга қарши курашиш агентлиги томонидан аниқланган 38,5 миллиард сўмлик давлат харидида қонунбузарлик бўлгани тўғрисидаги хабарларга изоҳ берди.
Вазирликка кўра, давлат харидлари “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими орқали инсон омилисиз, тўлиқ электрон тарзда амалга оширилади.
2025 йил 29 август куни берилган “Сурхондарё вилояти Бойсун тумани “Хонгаронсарой” сел сув омборининг насос стансияси ва сув узатиш қувурларини қуриш орқали экин майдонларининг сув таъминотини яхшилаш” обекти бўйича танловда 3 та пудрат ташкилоти қатнашган.
Махсус тизимда тендерларга иштирок этмоқчи бўлган ташкилотлар икки маротаба текширилиши ҳамда танловдан асоссиз четлаштирилгани айтилган корхонада ҳам иккинчи текширувда 2,3 миллион сўм миқдорида солиқдан қарздорлик аниқлангани таъкидланди. Шу асосда платформа мазкур иштирокчини тендердан автоматик тарзда четлатган.
Суднинг тегишли қарори билан солиқ тизимининг электрон маълумотлар базасида мазкур қарздорлик сунъий равишда шаклланганлиги фош бўлгани сабаб тендер натижалари бекор қилинган.






