Россияда жорий йилнинг учинчи чорагида хорижликларнинг 35 фоиздан ортиғи рус тили имтиҳонини биринчи уринишда топшира олмади. Бу ҳақда РФ Таълим ва фан вазирлигига таяниб, РИА Новостихабар берди.
Маълум қилинишича, рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича имтиҳонни жами 275 мингдан ортиқ киши топширган. Улардан 86,9 фоизи муваффақиятли натижа кўрсатган бўлса-да, 35,1 фоиз иштирокчи имтиҳондан биринчи уринишда ўтолмаган.
Имтиҳон топшириш имконияти Россиянинг барча ҳудудларида, шунингдек, Тожикистон ва Ўзбекистондаги жами 203 та марказда йўлга қўйилган. Улардан 88 таси Россия олийгоҳлари ҳузурида фаолият юритади.
Маълумот учун, мазкур имтиҳонлар уч даражада ўтказилади: биринчиси — иш рухсатномаси олиш учун, иккинчиси — вақтинчалик яшаш ҳуқуқини олиш учун, учинчиси эса — доимий яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатга эга бўлиш учун.
Имтиҳон уч бўлимдан иборат бўлиб, уларда рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича билимлар синовдан ўтказилади.






