Республика маънавият ва маърифат марказида "Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштиришда давлат ва жамоат ташкилотларининг роли" мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда тегишли ташкилотлар вакиллари, маънавий-маърифий соҳа ходимлари, олимлар, зиёлилар ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этди.
Давра суҳбатида Маънавият маркази, маҳаллалар уюшмаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, "Нуроний" жамғармаси ҳамда бошқа идоралар билан ҳамкорликда жамиятда "маромийлик" кайфиятини шакллантиришга қаратилган тарғибот дастури ишлаб чиқилгани маълум қилинди.
Ушбу беш ташкилот томонидан 90 кунлик чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Дастур доирасида фуқаролар орасида меъёрни сақлаш, исрофдан тийилиш, шукроналик ва бағрикенгликни кенг ёйиш, тўй ва маъракаларни ихчам, камхарж ва миллий қадриятларга мос равишда ўтказиш бўйича сиёсий-маърифий соатлар, семинарлар ва очиқ мулоқотлар ташкил этилади.
Шунингдек, "Кинокарвон" лойиҳаси орқали ёшларни миллий қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва исрофгарчиликка қарши руҳда тарбиялашга қаратилган медиа-кампаниялар амалга оширилади.
Тадбирда қайд этилганидек, мазкур ташаббус жамиятда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, ортиқча исрофнинг олдини олиш ва миллий қадриятларга асосланган меъёрий ҳаёт тарзини шакллантиришга хизмат қилади.






