Брюссел шаҳрига расмий ташриф доирасида Лакен саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Белгияликлар Қироли Филипп билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби хабар берди.
Савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилган.
Қирол Филипп Ўзбекистон етакчисининг ЙИ раҳбарияти билан музокараларининг якунларини юксак баҳолаб, мамлакат етакчисини Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги тарихий битим имзолангани билан самимий табриклаган.
Ўзбекистон – Белгия муносабатлари изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилган. Вазирлар даражасида фаол мулоқотлар йўлга қўйилган, сиёсий маслаҳатлашувлар мунтазам ўтказилмоқда, икки мамлакат парламентларида дўстлик гуруҳлари ташкил этилган.
Маданий-гуманитар ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда. Тошкент ва Кортрейк, Самарқанд ва Леж шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилган. Кортрейкда буюк аллома бобомиз Абу Али ибн Синонинг бюсти очилган.
Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ортмоқда, Белгия компаниялари Ўзбекистонда, хусусан, тўқимачилик, логистика ва хизмат кўрсатиш соҳаларида муваффақиятли иш олиб бормоқда. Ўтган йили Тошкентда Бенилюкс мамлакатларининг савдо палатаси очилган.
Суҳбат чоғида Белгия компаниялари вакилларининг Ўзбекистонга ташрифларини ташкил этиш, шунингдек, маданий тадбирларни ўзаро ўтказиш муҳимлиги таъкидланган.
Учрашув якунида давлатимиз раҳбари Қирол Филиппни ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этган.






