АсосийЖамият

Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида қолдирди

Асосий ставканинг фоиз даражаси ўзгаришсиз қолди.

'Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида қолдирди'ning rasmi

Ўзбекистон Марказий банки 2025 йил 24 октябрь куни асосий ставкани яна 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг учинчи чорагида ҳам иқтисодий фаоллик тенденциялари давом этди. Нисбатан қатʼий пул-кредит шароитлари таʼминланиши, ўтган йилдаги инфляция омиллари ҳиссаси чиқиб кетиши ва алмашув курси мустаҳкамланишининг товарлар нархларига барқарорлаштирувчи таʼсири сентябрь ойида йиллик инфляциянинг секинлашишига хизмат қилди.

Шу билан бирга, фаол ялпи талаб шароитида ташқи таклиф омиллари билан боғлиқ нархларни оширувчи хатарлар ва хизматлар инфляцияси юқорилиги сақланиб қолмоқда. Ушбу омилларни ҳисобга олган ҳолда, Марказий банк бошқаруви асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.

2025 йил сентябрь ойида умумий инфляция даражаси 0,8 фоиз бандга пасайиб, йиллик 8 фоизга тенг бўлди. Бунда озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари гуруҳи инфляцияси йиллик 6,1 фоизгача секинлашиб, пасайтирувчи ҳисса қўшди. Хизматлар инфляцияси, жумладан, тартибга солинадиган нархлар таʼсирисиз ҳам, талаб омиллари ҳисобига умумий инфляциядан юқори даражада сақланиб қолмоқда.

Қатʼий пул-кредит шароитлари ҳисобига талаб омилларининг бироз мақбуллашиши ҳамда алмашув курси мустаҳкамланиши таʼсирида базавий инфляция пасаювчи динамикага ўтди ва сентябрда йиллик 7 фоизгача секинлашди. Жумладан, сўмнинг мустаҳкамланиши импорт инфляциясининг секинлашишига хизмат қилиб, ноозиқ-овқат товарлари нархларининг маʼлум даражада барқарорлашувига ёрдам бермоқда.

Сўнгги ойларда истеʼмол саватида нархлари ўсиши ўтган йилнинг мос даврига нисбатан секинлашган товар ва хизматларнинг улуши ошиб бормоқда ҳамда нархлар барқарорлашуви кенг қамровли хусусиятга эга бўла бошлаганини кўрсатмоқда.

Сентябрь ойида аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари пасайишда давом этди, бироқ улар жорий ва прогноз инфляция сурʼатларидан юқори даражада сақланиб қолмоқда.

Юқоридагиларни инобатга олиб, жорий йил якунига инфляция прогнози пасайиш томонга қайта кўриб чиқилди ва 8 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда.

Жорий йилнинг III чорагидаги юқори иқтисодий ўсиш ва инвестицион фаоллик келгуси чоракда ҳам давом этиб, йил якунида ЙИМ реал ўсиши 7-7,5 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Аҳоли реал даромадлари ошиши ва чакана кредитлаш фаоллиги харид қобилиятини қўллаб-қувватламоқда ва истеʼмол талабини оширмоқда. Бу, ўз навбатида, келгусида иқтисодиётда инфляцион босимларни сақланиб қолишига хизмат қилиши мумкин.

Шу билан бирга, энергия нархлари эркинлаштирилишининг келгуси ойларда инфляцияга иккиламчи таʼсирлари намоён бўлиши ҳамда айрим товарлар таклифи билан боғлиқ хатарлар юзага келиши эҳтимоллари сақланиб қолмоқда.

Ушбу шароитда инфляциянинг пасаювчи динамикасини барқарор давом этишини таʼминлаш пул-кредит шароитларини жорий нисбатан қатʼий даражада сақлаб қолишни тақозо этмоқда.

Нисбатан қатʼий пул-кредит шароитлари иқтисодиётда жамғариш жозибадорлигини сақлаб қолиб, кредитлаш сурʼатларини мақбуллаштириш ва пул бозорида ресурслар нархларини мутаносиб шакллантириш орқали ялпи талабни мувозанатлаштиришга хизмат қилади ҳамда инфляцияга монетар омилларнинг таʼсирини камайтиради.

Юқорида келтирилган омилларни ҳисобга олиб, Марказий банк бошқаруви асосий ставкани ўзгаришсиз йиллик 14 фоиз даражасида қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.

​2024 йил 25 июль куни асосий ставка йиллик 0,5 фоиз бандга пасайтирилиб, йиллик 13,5 фоиз даражасида белгиланди. Асосий ставка етти йил ичида биринчи марта 14 фоиздан пастга тушганди. Шундан буён асосий ставка миқдори ўзгармай келаётганди. Марказий банк бошқаруви 2025 йил 20 мартдаги йиғилишида асосий ставка 0,5 фоиз бандга ошириб, 14 фоиз даражасида белгилади. Шундан буён асосий ставка ўзгармай келмоқда.

    Бошқа янгиликлар