19 октябрь куни соат 09:40 ларда Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманидаги Д-162 (4Р-104) автомобиль йўлининг 7-километрида Cobalt ва Nexia 2 автомобиллари иштирокида оғир йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.
1997 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувидаги Cobalt машинаси қарама-қарши йўлга чиқиб кетиб, 1986 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарган Nexia 2 автомобилига урилган.
Тўқнашув оқибатида Nexia’да йўловчи сифатида кетаётган 1963 йилда туғилган эркак воқеа жойида вафот этган. Яна бир йўловчи — 1959 йилда туғилган аёл эса Қумқўрғон туман шошилинч тиббий ёрдам бўлимига етказилган.
Ҳозирда ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Вилоят ЙҲХБ ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилиш, айниқса, чарчаган ҳолатда рулга ўтирмасликни тавсия қилмоқда.