ДХХ ахборот хизматининг берган хабарига кўра, Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, “Тошкент-Андижон” йўналишида ҳаракатланаётган Андижон шаҳрида яшовчи, 1988 й.т. фуқаро бошқарувидаги «Cobalt» русумли транспорт воситаси Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида жойлашган “Чинор” йўл патруль хизмати масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилган.
Натижада, машинада у билан кетаётган шериги – Қирғиз Республикасининг Ўш шаҳрида яшовчи, 1971 й.т. Қирғизистон фуқаросининг ёнида 4 кг 897 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Шунингдек, Қирғиз Республикаси фуқароси ушбу ажал оғусини Бухоро туманидаги дала майдонидаги хуфия жойдан олганлиги аниқланиб, мазкур ҳудуд кўздан кечирилганда, у ерда яна 45 кг 52 гр. “гашиш” моддаси борлиги маълум бўлган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Давлат хавфсизлик хизматининг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан Жиноят Кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Терговга қадар текширув давомида, муқаддам учинчи шахслар томонидан Афғонистондан контрабанда йўли билан Бухоро вилоятига етказиб берилган ушбу қарийб 50 кг гиёҳвандлик воситаси Ўзбекистон ҳудудидан транзит сифатида олиб ўтилиши керак бўлган.