Қишлоқ хўжалиги ерларига 2025 йилнинг январь сентябрь ойларида 183 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказилди. Бу ҳақда Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу муддат ичида қишлоқ хўжалиги соҳасида қонунийликни таъминлаш борасида 90 мингга яқин назорат тадбири ўтказилган. Инспекциянинг ҳудудий бошқармалари ва туман бўлимларидаги мутахассислар томонидан эса 13 095 та текширув ўтказилиб, аниқланган қонунбузарликлар бўйича 7 мингга яқин маъмурий жарима қўлланган.
Қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланишда ҳам 1 980 та ҳолатда 321 гектар ер майдонида қонунбузилишлар фош бўлди. Ерларни ўзбошимчалик билан қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқарган жисмоний ва юридик шахсларга 183 миллиард 326 миллион сўм миқдорида зарар ҳисобланди.
Ғўза майдонларидан 21,7 минг гектари навдорлик кўрсаткичлари стандарт талабига жавоб бермаслиги аниқланиб, уруғлик олиш учун яроқсиз деб топилди.
2026 йил ҳосили учун қайта ишланган уруғлик донлардан 3,2 минг тоннаси сифатсиз экани аниқланиб, экилиши ва сотилиши тақиқланди. Шу кунга қадар 207,5 минг тонна уруғлик донга экинбоплик сертификати берилган.