Бугун, 5 октябрь куни соат 09:06 да Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига “112” тизими орқали хабар келиб тушди: Тошкент тумани Бинокорлар кўчасида жойлашган полиэтилен ишлаб чиқариш заводида ёнғин авж олган. Бу ҳақда Тошкент вилояти ФВБ ахборот хизмати маълум қилди.
Воқеа жойига ёнғин-қутқарув бригадалари соат 09:15 да етиб бориб, 09:40 да оловни ўраб олишга муваффақ бўлди, ва соат 10:04 да ёнғин тўлиқ бартараф этилди. Ҳодиса натижасида жабрланганлар борлиги ёки тан жароҳатлари ҳақида ҳозирча маълумот берилмаган.
Мутахассислар ёнғин сабабларини аниқлаш ва келгусида бундай фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш учун текширув ишларини давом эттирмоқда. Шу билан бирга, корхонада хавфсизлик қоидаларига риоя қилинишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.