Бугун, 17 сентябрь куни Давлат раҳбари Осиё тараққиёт банки вице-президентини қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар берди.
Учрашув аввалида вице-президент Инмин Янг давлат раҳбарига ОТБ раҳбари Масато Канданинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди ҳамда форум муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.
Янги Ўзбекистонда ортга қайтмас тус олган ислоҳотлар стратегиясини амалга ошириш доирасида ушбу етакчи халқаро молиявий институт билан ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.
Кейинги йилларда ҳамкорликда юксак даражага эришилгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Бугунги кунда "яшил" энергетика, транспорт, рақамли трансформация, таълим ва бошқа йўналишлардаги лойиҳалар портфели 14 миллиард долларни ташкил этмоқда.
Мамлакат етакчиси ОТБ билан инфратузилма, давлат-хусусий шериклик, бизнес, ижтимоий соҳа ва капитал бозорини ривожлантириш бўйича янги лойиҳаларни ўз ичига олган кенг кўламли стратегик шериклик дастурини тайёрлаш муҳимлигини қайд этди.
Камбағалликка қарши курашиш, муҳим минералларни қайта ишлаш, бюджетни қўллаб-қувватлаш, қўшма инвестиция платформасини яратиш бўйича лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, банк Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилишига тайёргарлик кўриш ва уни келгуси йилда Ўзбекистонда ўтказиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.