Россиянинг Владивосток шаҳрида бир неча ёшлар ўзбекистонлик мигрантларни калтаклагани юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитасининг Приморск ўлкаси бўйича бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.
Ижтимоий тармоқларда россиялик ўсмирлар мигрантларни дўппослаб, уларнинг устидан кулиб, ҳақорат қилгани акс этган видеолар тарқалганди. Ўзбекистоннинг Владивостокдаги бош консули Юсуф Қобулжанов ҳолат аниқланган заҳоти фуқаролар билан алоқа ўрнатилиб, ҳуқуқий ёрдам кўрсатилганини маълум қилди. Шунингдек, Владивосток Ички ишлар бошқармасига расмий ариза ва Приморск ўлкаси прокуратурасига ушбу масала бўйича барча тегишли чораларни кўриш зарурлиги ҳақида ноталар юборилганини билдирди.
Россия Тергов қўмитасининг Приморск ўлкаси бўйича бошқармаси ахбпоротида келтирилишича, безорилик 10 сентябрга ўтар кечаси Владивосток шаҳрининг Хабаровск кўчасида содир этилган. Бунинг ортидан 15 ёшли ўсмирлар ва жиноятнинг бошқа иштирокчиларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Улар спиртли ичимлик таъсирида ҳеч бир сабабсиз тўхтаб турган автомобилга шикаст етказиб, унинг салонига аэрозоль баллончасини пуркаган. Шундан сўнг дўконга маҳсулот олиб келган юк машинаси ҳайдовчисига ҳужум қилган. Дўконга бостириб кириб, харидорлар ва сотувчининг кўз ўнгида бир эркакни калтаклаган. Сўнгра улар такси ҳайдовчиси ва салондаги йўловчига ҳам ташланган.
Гумонланувчиларнинг шахси аниқланган бўлиб, улардан бири қўлга олинган, яна икки нафари қидирувга берилган. Ўсмирлар аввал ҳам безорилик қилгани учун жиноят иши қўзғатилган.
Сентябрь ойининг бошларида ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик мигрантни Россия фуқароси “сен русларнинг қулисан” деб таҳқирлангани акс этган видео тарқалганди. Ушбу ҳолат юзасидан ҳам Россия ТИВга нота юборилган.