АсосийЖамият

Қирғизистондан “гашиш” олиб кирган жиноятчилар қўлга олинди

15000 долларга 2 килограмм гиёҳванд модда харид қилган 6 кишилик гуруҳ махфий операция давомида қўлга тушди.

'Қирғизистондан “гашиш” олиб кирган жиноятчилар қўлга олинди'ning rasmi

Андижон вилоятида Қирғизистондан гиёҳванд модда олиб кириш ва уни сотиш билан шуғулланган жиноятчилар гуруҳи фош этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Қўрғонтепа туманида яшовчи 1984–1991 йилларда туғилган 6 нафар фуқаро ўзаро тил бириктириб, Қирғизистон фуқаросидан 2 килограмм “гашиш” моддасини 15 минг АҚШ долларига харид қилишга келишган. Улардан бири дастлабки тўлов сифатида 1950 долларни гиёҳванд модда етказувчига топширган.

Шундан сўнг, Қирғизистон фуқароси “гашиш”ни давлат чегарасидан яширин тарзда олиб ўтиб, уни Хонобод шаҳридаги махфий жойга яшириб қўйган.

Қўрғонтепалик жиноятчилардан бири ушбу моддани олиб, ўз автомашинаси билан Хонобод–Қўрғонтепа йўналишида ҳаракатланаётган вақтда ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинган. Тезкор тадбир давом эттирилиб, гуруҳнинг қолган 5 нафар аъзоси ҳам ушланган.

Экспертиза хулосасига кўра, модданинг соф оғирлиги 1 килограмм 954 граммни ташкил қилган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми (гиёҳвандлик воситаларини контрабанда йўли билан олиб ўтиш) ва 25, 273-моддаси 5-қисми (гиёҳванд моддалар билан савдо қилишга уриниш) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Суд томонидан улар ҳақида “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.

    Бошқа янгиликлар