Украинанинг Черкасси вилоятидаги Уман шаҳри ҳассидлар учун муҳим зиёрат маркази ҳисобланади. Улар 18-асрда Украинада вужудга келган ҳассидчилик оқими асосчиси бўлган рабби Нахмон қабрини зиёрат қилиш учун келишади.
Рош ҳа-Шана — яҳудий тақвими бўйича янги йил — бу йил 22 сентябрда бошланади. Ўтган йили, урушга қарамай, шаҳарга 30 мингдан ортиқ зиёратчи келганди.
Jerusalem Post маълумотларига кўра, бу йил Украина чет эллик фуқароларнинг келишига тақиқ қўйиши мумкин.
Сабаб сифатида Россия билан уруш туфайли хавфсизликнинг таъминланмаслиги кўрсатилмоқда. Шунингдек, Киев Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг Украина мустақиллиги кунида табрик қўнғироқ қилмаганидан норози экани айтилмоқда.
Бироқ, Axios журналисти Барак Равиднинг ёзишича, Исроил Ташқи ишлар вазирлиги вакили Украина сиёсатида ҳозирча ўзгариш йўқлигини билдирган.