Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан ўтказилган текширувлар давомида бир нечта ҳудудларда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилди.
Хусусан, Давлатобод туманидаги “Н.Л.” МЧЖ раҳбарлари ҳисоблагичларга ташқи таъсир ўтказиш орқали электр энергиясидан 1,9 миллиард сўм миқдорида фойда кўрганликда гумон қилинмоқда. Улар пломба ва уланиш схемасини ўзбошимчалик билан ўзгартирган.
Нурафшон шаҳрида яшовчи фуқаро С.Б. ўз хонадонини электр тармоғига ноқонуний улаб, 186 миллион сўмлик электрни рухсатсиз ишлатган.
Шунингдек, Қарши туманида Ж.С.нинг ўғли Р.С. ўз хонадонидаги иссиқхонани табиий газга тўғридан-тўғри улаб, 119,6 миллион сўмлик газдан тижорат мақсадида фойдаланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилди, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.