Мажбурий ижро бюросининг (МИБ) Тошкент шаҳар Учтепа туман бўлимига мурожаат қилган фуқаро Ш.Ж. вояга етмаган 4 нафар фарзандининг келажакдаги таъминоти учун 2 миллиард 442 миллион сўмлик алиментни олдиндан тўлади.
Қарздор суд қарорига биноан фарзандларига даромадининг ярми миқдорида алимент тўлаши белгиланган. У ариза билан мурожаат қилиб, болалари вояга етгунига қадар бўлган 16 йилга мўлжалланган умумий тўловни олдиндан амалга оширишни сўраган.
МИБ маълумотига кўра, ушбу маблағ ундирувчи — фарзандлар онаси Ш.Д. га тўлаб берилган. Шу тариқа ижро ҳужжати ўз вақтида ва тўлиқ тамомланган.
Бу ҳолат Тошкентда алимент тўлови бўйича энг йирик миқдордаги олдиндан тўлов сифатида қайд этилди.