Тошкент вилоятида адвокат қамоқдаги шахсни озодликка чиқариб бериш эвазига 30 минг доллар талаб қилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, вилоятда фаолият юритувчи адвокатлик бюроси адвокати жазони ижро этиш муассасасида муддатини ўтаётган фуқарони мансабдор танишлари орқали озодликка чиқариб беришини айтиб, эвазига маҳкумнинг турмуш ўртоғидан 30 минг доллар талаб қилган.
Ўтказилган тезкор тадбирда эса адвокат олдиндан 20 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Қайд этилишича, ушбу адвокат муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган.
Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси (пора бериш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эхтиёт чораси қўлланилган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.