2028–2034 йилларга мўлжалланган Евроиттифоқ бюджетида Украинага алоҳида ёрдам фонди ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Унинг умумий ҳажми 100 миллиард еврони ташкил этиши мумкин.
Еврокомиссия таклиф қилган бюджет лойиҳасига кўра, ушбу маблағ грантлар ва кредитлардан иборат бўлади. Грантлар ЕИ бюджетидан тўланади, кредитлар эса Украинанинг зиммасига юкланади.
“Агар Украина қарзларни қайтара олмаса, ЕИ бюджети бу мажбуриятни қоплашга мажбур бўлади” дейди Евроиттифоқ расмийси.
Шу билан бирга, грант ва кредитлар нисбати ҳали аниқ эмас. Бу масала Европарламент ва Евроиттифоқ Кенгаши билан музокаралар давомида ҳал қилинади.
Мутахассислар фикрича, Украинага бериладиган ёрдамда грантлар улуши ошиши мумкин, чунки мамлакатда аллақачон катта ташқи қарз мавжуд.
Бундан ташқари, ажратиладиган 100 миллиард евро миқдори ҳам ўзгариши мумкин. Аввалги тажрибага кўра, ташқи сиёсатга оид бюджетлар кўпинча қисқартирилган. Музокаралар эса бир неча йилга чўзилиши мумкин.