Россия ва Лаос ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик доирасида Лаос давлати ўз аскарларини Россиянинг Курск вилоятига юборади. Расмий маълумотларга кўра, лаослик ҳарбийлар миналардан тозалаш ишларида иштирок этади. Бу орқали Россия армиясининг маҳаллий ресурслари бўшатилади ва асосий кучлар тўғридан-тўғри Украина урушига йўналтирилади, дея ёзмоқда "zamon.uz".
Шимолий Кореядан кейин Лаос Россияни очиқ қўллаётган навбатдаги давлат сифатида майдонга чиқди. Лаос 1975 йилдан бери коммунистик бошқарув остида бўлиб, Россия билан яқин сиёсий алоқаларга эга. Бу қарор халқаро ҳамжамиятда жиддий эътирозлар уйғотиши мумкин, чунки у Украина можаросидаги кучлар мувозанатига таъсир кўрсатади.
Лаос ҳарбийларининг асосий вазифаси Курск вилоятидаги инфратузилма атрофини хавфсизлантиришдан иборат бўлади. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, улар жанговар ҳаракатларда эмас, балки орқа фронтдаги техник ишлар билан шуғулланади. Бироқ, бу Россиянинг фронт линиясида қўшимча ҳарбий кучларни сафарбар қилиш имконини беради.
Бу ҳаракат Россиянинг халқаро миқёсда изоляциядан чиқишига уриниш сифатида ҳам баҳоланмоқда. Ҳарбий экспертлар бу каби ташаббуслар Россияга техник ёрдам кўрсатиш билан бирга, айрим давлатларнинг ўз позицияларини аниқ намоён қилишга олиб келмоқда. БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар бу қадамни қандай баҳолаши ҳозирча номаълум.