АсосийЖамият

Зангиотада сифатсиз дори воситалари савдосига чек қўйилди

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186 прим 3-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилди.

'Зангиотада сифатсиз дори воситалари  савдосига чек қўйилди'ning rasmi

Тошкент вилоятида сифати кафолатланмаган минглаб дори воситалари ва тиббий буюмлар муомаладан чиқарилди. Бу ҳақда Даракчи.узъга Давлат хавфсизлик хизмати манбаси хабар берди.

Маълум қилинишича, ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари билан ҳамкорликда Зангиота туманида ўтказилган тезкор тадбир чоғида 1996 йилда туғилган, Тошкент шаҳрида яшовчи шахс ушланди.

У сифати ва қонуний муомалага оид ҳужжатлари бўлмаган:

— 9500 дона “МенаВазин”

—  1300 дона “Глиcерин”

— 2000 дона “Метралин” дорилари,

— ҳамда 56 880 дона инфузион тизим тиббий буюмларини 9700 АҚШ доллари ва 2 миллион 550 минг сўм эвазига сотаётган вақтида қўлга тушган.

Тергов давомида “Глиcерин” суюқлиги қўлбола усулда тайёрланиб, идишларга қуйилганлиги аниқланган.

“Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги” Давлат маркази хулосасига кўра, бу дори воситалари ва буюмларни сотиш, ташиш ва амалиётда қўллаш қатъиян ман этилади.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186 прим 3-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилди. Гумонланувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

    Бошқа янгиликлар