Россия Фанлар академияси Сибир дарёларининг бир қисмини Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистонга йўналтириш имкониятларини илмий жиҳатдан ўрганишни бошламоқда. Бу ҳақда Zamon.uz маълум қилди.
Лойиҳа Об дарёсидан Ўзбекистонгача узунлиги 2 минг километрдан ошадиган, йилига 5,5 млрд куб метргача сув етказиб бериши мумкин бўлган еттита йирик қувур линияси қурилишини назарда тутади.
Академиянинг Ер фанлари бўлими мазкур йўналишни расмий тадқиқот режасига киритишни маъқуллаган ва молиялаштиришни Фан ва олий таълим вазирлигига тавсия этган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳа қиймати 100 млрд доллардан ошиши, инфратузилмани барпо этиш эса камида 10 йил давом этиши мумкин.
Олимлар сув йўналтиришнинг экологик, гидрологик ва ижтимоий-иқтисодий таъсирларини чуқур ўрганишни режалаштирмоқда. Марказий Осиёда сув танқислиги кучайиб бораётгани, чўлланиш жараёни тезлашаётгани ва қишлоқ хўжалиги учун сув таъминоти ёмонлашаётгани таъкидланмоқда.
Маълумот учун, шунга ўхшаш лойиҳа СССР даврида 20 йил ишлаб чиқилиб, 1986 йилда тўхтатилган эди. Экспертлар бугунги кунда ҳам лойиҳанинг стратегик аҳамиятини тан олишса-да, авваламбор мавжуд сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш зарурлигини қайд этмоқда.






