Пойтахтнинг Чилонзор туманида жойлашган давлат мактабгача таълим муассасасида 5 ёшли бола назоратсизлик оқибатида иккинчи қават деразасидан йиқилиб тушди. Бу ҳақда Тошкент шаҳри Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълумот берди.
Қайд этилишича, воқеа 30 июнь куни соат 9:45 атрофида Чилонзор туманидаги 7-сонли давлат боғчасида содир бўлган.
Тарбияланувчи Р.И. тарбиячиларнинг бепарволиги оқибатида деразадан пастга тушиб кетган.
Дарҳол боғча ҳамшираси боланинг аҳволини кўздан кечириб, биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатган.
Шундан сўнг у зудлик билан Тошкент шаҳар 16-сонли болалар шифохонасига етказилган.
Шифокорлар томонидан қўйилган бирламчи ташхисга кўра, бола: ҳар икки қўл билак соҳаси синиши, бурун суяги синиши,юқори жағдаги курак тишлар жойлашган суяк соҳасининг шикастланиши каби оғир жароҳатлар олган.
Унинг аҳволи оғир бўлгани сабабли жонлантириш бўлимига ётқизилган. Бироқ расмийларга кўра, ҳозирда боланинг аҳволи барқарорлашган ва у жонлантириш бўлимидан чиқарилган.
Ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув бошланди.
Айни пайтда ушбу ҳолат юзасидан Чилонзор тумани Ички ишлар бўлими томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Ҳодисага сабаб бўлган шахслар ва муассаса раҳбариятининг масъулияти ўрганилмоқда.