Полшада 2025 йил 30 июндан бошлаб ишчиларга тўлиқ маош сақланган ҳолда 4 кунлик иш ҳафтаси жорий этилади. Бу синов лойиҳаси ишчиларнинг ҳаёт сифатини ошириш, иш ва шахсий ҳаёт мувозанатини тиклаш ҳамда демографик инқирозни енгиллаштиришга қаратилган. Бу ҳақда Zamon.uz нашри хабар берди.
Қайд этилишича, янги тизим бир неча вариантни таклиф қилади: ходимлар 4 кун ишлашга ўтишлари, ҳар кунги иш вақтини 6 соатга қисқартиришлари ёки қўшимча пуллик таътил олишлари мумкин. Иш берувчилар иш тартибини ўзлари белгилаш ҳуқуқига эга бўлиб, истаса 5 кунлик иш ҳафтасини сақлаган ҳолда ортиқча ишлаган кунлар учун қўшимча дам олиш кунлари тақдим этишлари мумкин.
Ислоҳотларни қулай тарзда жорий қилиш учун корхоналар ва давлат муассасаларига 1 миллион долларгача молиявий ёрдам кўрсатилади.
Ҳукумат бу ташаббусни демографик ўсишни рағбатлантириш стратегиясининг бир қисми сифатида кўради. Меҳнат бозорида фаоллик юқори бўлган Полшада ҳаддан ортиқ иш юкламаси оилавий ҳаёт ва туғилиш кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил ҳолатига кўра, бир қанча давлатлар 4 кунлик иш ҳафтасини синовдан ўтказган ёки қисман жорий қилган. Исландия 2015–2019 йилларда синов ўтказиб, уни муваффақиятли деб топди ва ҳозир кўпчилик ходимлар шу тартибда ишламоқда. Испания 2021 йилда ҳукумат кўмагида кичик бизнеслар иштирокида тажриба бошлаган. Буюк Британияда 2022 йилда ўтказилган йирик синовда 92% компаниялар 4 кунлик иш ҳафтасини давом эттиришга қарор қилган.
Белгия 2022-йилда ходимларга 4 кунлик иш жадвалини танлаш ҳуқуқини берган. Японияда Microsoft Japan компанияси самарадорликни 40% оширганини билдирган. Янги Зеландияда “Перпетуал Guardian” компанияси бу тизимни муваффақиятли жорий қилган. Австралия, Канада ва Германияда эса бир нечта компаниялар синов асосида бу амалиётни қўллаган. Бу тажриба одатда иш соатларининг камайиши ёки бир хил иш ҳақини сақлаган ҳолда камроқ иш кунларида ишлашни назарда тутади.