Текширувда "AI-92" маркали автобензиндан яроқсиз фойдаланилгани аён бўлган.
Жиззах вилоятида аҳолига сифатсиз нефть маҳсулотлари сотган МЧЖга нисбатан чора кўрилди. Бу ҳақда Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Жиззах вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан Зомин туманида жойлашган “А.О.” МЧЖга қарашли АЁҚШ томонидан сотилаётган АИ-92 маркали автобензиндан намуналар олиниб, лабораторияда таҳлил қилинганда давлат стандарт талабларига мос келмаслиги (сифатсизлиги) аниқланган.
Ушбу қоидабузарлик натижасида Ўзбекистон Республикасининг 940-сонли Қонунининг 43-моддасига асосан реализация қилинган автобензин қийматининг 50 фоизи миқдорида (39,1 миллион сўм) иқтисодий санкция қўлланилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан қоидабузарликка йўл қўйган ушбу АЁҚШда аниқланган қолдиқ сақланаётган сифатсиз нефть маҳсулотларини сотувга чиқармаслик ва сифатини қайта тиклаш лозимлиги бўйича кўрсатма берилган.