Наманган вилоятида қалбаки 20 000 АҚШ долларини ҳақиқий 14 000 АҚШ долларига сотишга уринганлар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Косонсой тумани бўлими, ДХХ ва Божхона ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ф.Т. фуқаро А.Х. га қалбаки 20 000 АҚШ долларини ҳақиқий 14 000 АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 100 АҚШ долларлик купюрадаги қалбаки 8 000 АҚШ долларини берган вақтида ушланиб, давом этган тадбирда бошқа бир фуқаро Н.Т. дан қалбаки 6 000 АҚШ доллари ашёвий далил сифатида олинган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.